Андижон ва Косон туманлари муҳандислари пора билан қўлга тушди
Андижон вилоятида Андижон туман газ таъминоти бўлими бош муҳандиси Ў.П. ва маҳаллада ишлаш хизмати бўлими бошлиғи А.Қ. ўзаро тил бириктириб, аҳоли хонадонларини юқори босимли табиий газ тармоғига улаш учун рухсат берувчи лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб, тармоққа улаб бериши эвазига фуқаро З.Т.дан 7 000 АҚШ доллари талаб қилган ва ушбу пулларни хизмат хонасида олган вақтида ушланган.
Косон туманида Қашқадарё вилоят электр тармоқлари корхонаси муҳандиси Ш.А., Косон туман ЭТК электр монтёри И.Н. ва фуқаро Х.Х. ўзаро тил бириктириб, “Майдаёбу” МФЙда яшовчи О.Х. ва Б.А.нинг хонадонларида ўрнатилган ҳисоблагичларнинг муҳри бузилганлиги ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига электр монтёри И.Н. фуқаро О.Х.дан 12 млн сўмни олган пайтида қўлга тушган.
«Суриштирув давомида электр монтёри И.Н. ва фуқаро Х.Х. Косон туманида яшовчи 7 нафар фуқарога далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига уларнинг 11,4 млн сўмини қўлга киритганликлари аниқланди», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) ҳамда 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар