Тошкентда момақалдироқ туфайли бир нечта рейслар муқобил аэродромларга йўналтирилди

Фото: Tochka by

“Тошкент” аэропортида 7 июль куни маҳаллий вақт билан соат 19:44 да ноқулай об-ҳаво шароити (ёмғир, аэродром устида момақалдироқ) туфайли ҳаво кемаларининг қўниши ва учишига чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар бермоқда.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бир нечта рейслар муқобил аэродромларга йўналтирилди. Хусусан, бортида 183 йўловчи бўлган Санкт-Петербург — Тошкент йўналиши бўйича учган HY-634 рейси, Мюнхен — Тошкент йўналиши бўйича учган ва бортида 116 йўловчи бўлган HY-236 рейслари Самарқанд аэропортига қўнди.

Шунингдек, учта юк рейслари муқобил аэродромларга йўналтирилди. HY-3124 Будапешт — Тошкент рейси Навоийга, AZG-6941 Боку – Тошкент рейси Наманган аеропортига, MFX-656 Урумчи — Тошкент рейси Самарқандга қўнди.

Айни дамда Тошкент аеропортида об-ҳаво шароити барқарорлашган. Ўрнатилган чекловлар олинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.