Мурод Назаров ўзига қарашли компания тун пайти қурилиш ишларини бажариш ортидан узр сўради

Фото: adweek-2018

27 февралдан 28 февралга ўтар кечаси тармоқ фаоли Ақида Маҳирова (Ақида Ҳанум) Facebook’даги саҳифасида «Тунда одамларга тинчлик бермаётган қурилиш компанияси» ҳақида пост жойлаштирган. Муаллиф ушбу материалларни Anhor.uz нашрига ҳам юборган эди.

Мурожаатда айтилишича тунгги соат 1:30-2:30 бўлишига қарамай ҳали хануз қурилиш ишлари давом этаётгани, иш жараёнини якунламай, одамлар тинчлигига, дам олиш вақтида жиддий зарар етказаётганлигини қайд этишган. Аниқлик киритилишича, бу ишлар таниқли тадбиркор Мурод Назаровга тегишли бўлган, Мирзо Улуғбек тумани Бўз бозор массивида янги қурилаётган Regnum plaza турар-жой комплекси экани қайд этилган.

“Бу жараённи ушбу қурувчи ташкилот қайси Қонун ҳужжатларига кўра, айни одамлар дам оладиган вақтда, бемалол, техникалар шовқини билан амалга оширмоқда, буларга нисбатан қонуний чора кўриладими”, – деб ёзган мурожаатчи.

Бугун, ушбу мурожаатлар юзасидан Мурод Назаров тармоқларда ва Ақида Маҳирова(Ақида Ҳанум)нинг Facebook’даги саҳифасида қолдирилган пост остида узр сўраб, мурожаат қолдирган.

«Кечаги ҳолат бўйича мен яна бир бор ўз номимдан ва компания номидан узр сўрайман. Компаниямиз халқни, жамиятимизни розилиги ва дуолари билан шу даражага етишди. Шунинг учун ҳам биз ҳеч қачон халқ фикрига бефарқ бўлмаймиз. Regnum Plaza лойиҳасида ҳам қўшни ва атрофдагиларга зиён берилмаслик ҳақида жамоамизга қайта қайта уқтирилган. Сиз ёзмаганингизда, биз бу ҳолатдан хабарсиз қолишимиз мумкин эди. Дўстона кўзгу вазифасини бажариб, шу можаро хабарини берганингиз учун катта раҳмат!

Аслида бу каби ҳолатлар бизда қатъиян ман қилинган. Лекин афсус айрим ходимларимиз нафақат қўшниларимизга, балки ўзимизга, ички қадриятларимизга путр етказишди. Қанчалар жиддий сабаб бўлмамсин, бир инсоннинг бир кунлик уйқуси ёки тинчлиги олдида ҳеч нима бахона бўла олмайди. Жамоамизда ҳам бугунги мурожатингиз жиддий муҳокамага сабаб бўлди. Ва шу каби ҳолат бошқа қайтарилмаслиги учун мен ва бутун жамоамиз ҳаракат қилади.

Биз шаффоф компания сифатида ҳар бир мурожатга бефарқ бўлмай, айбимиз бўлса тан оламиз, узр сўраймиз, керак бўлса бадалини ҳам тўлаймиз. Биз халқ билан бор бўлдик, ва асло унга хиёнат қилмаймиз», – дейилади Мурод Назаров қолдирган изоҳда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.