Давлат раҳбари 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Тошкент шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабини кўздан кечирди. Мактаб ўтган йили республика бюджети маблағлари ҳисобидан бунёд этилган ҳамда 250 ўқувчига мўлжалланган. Жорий ўқув йилида 1-синфга 145 нафар ўғил-қиз қабул қилинган.

Бу ерда ёшлар 12 йўналиш бўйича мактабдан ташқари таълим олади. Ўқувчилар ижодий имтиҳонлар асосида саралаб олинади.

Элликка яқин ўқув ва компьютер хоналари, тадбирлар залида шинам шароитлар яратилган. Кутубхонада 5 минг 500 дан ортиқ ўқув адабиёти ва ноталар жамланган.

«Санъат маънавий бой авлодни тарбиялашга хизмат қилишини, бунга меҳрни болаликдан бошлаб шакллантириш зарур. Шу мақсадда умумий таълим тизими билан мусиқа таълими дастурларини уйғунлаштириш муҳим. Санъат мактаблари билан олийгоҳлар, театрлар ва бошқа маданият муассасаларининг ҳамкорлиги тизимини кучайтириш лозим», – деди Президент.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.