Мутахассис кузда кўз касалликларидан сақланиш бўйича тавсиялар берди

Foto: Sog‘liqni saqlash vazirligi Matbuot xizmati.

Куз келиб, кўз билан боғлиқ турли мавсумий касалликлар авж олади. Хўш, улардан сақланиш учун нима қилиш керак?

Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов бу борада ўзининг бир қанча тавсияларини берди. «Кузда ҳароратнинг ўзгариши, шамоллар ва ҳаво намлигининг пасайиши кўз билан боғлиқ турли касалликлар хавфини оширади», — дейди мутахассис.

— Шунингдек, бу даврда ўсимликлар ва дарахтларнинг чанг чиқариши энг юқори даражада бўлади. Оқибатда одамлар орасида аллергик реакциялар, хусусан, вирусли конъюнктивит ва мавсумга хос бошқа кўз муаммолари кўп учрайди. Улардан бири аллергик конъюнктивитдир.

Ушбу касалликнинг асосий сабаби ҳашаротлар, ўсимлик чанглари ва бошқа аллергия чақирувчи омиллардир. Хасталик қўзғаганда беморда кўзнинг қизариши, ёшланиши ва қичишиш кузатилиб, унда ёт нарса бордай туюлади.

Хасталикдан ҳимояланиш учун кўзойнак тақиш, хонадаги ҳаво фильтрларидан фойдаланиш, аллергияга қарши дори воситаларини шифокор маслаҳати билан қабул қилиш лозим.

Бу фаслда кўп учрайдиган яна бир касаллик қуруқ кўз синдроми бўлиб, унга ҳаво совуши ва шамоллар кучайиши сабаб бўлади. Қолаверса, ҳаво намлигининг камайиши ҳам кўзнинг қуруқлигига таъсир қилади.

Қуруқ кўз синдромидан сақланиш учун шифокор тавсияси асосида махсус ёш томчиларидан фойдаланиш, компьютер ёки смартфон билан узоқ вақт ишлаганда ҳар 20 дақиқада кўзларни дам олдириш, намлагичлар орқали хонада ҳаво намлигини таъминлаш керак.

Бу касаллик кўз қизариши, қичишиш, бош оғриғи ва томоқ оғриғи каби умумий вирусли касалликлар билан бирга намоён бўлади. Касалликнинг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш — қўлларни тез-тез ювиш, кўзларга тегмаслик, агар вирусли инфекция белгилари сезилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.