Нафосат Оллашукурова 3 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди
Хоразм вилояти Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди 25 август куни бўлиб ўтган мажлисда блогер Шабнам (Нафосат) Оллашукуровага нисбатан уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади, деб ёзади «Газета.uz» нашри Ўзбекистон Олий судининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
Суд қарорида қайд этилганидек, у жорий йилнинг 14 март куни Хоразм вилояти Боғот туманида ҳибсга олинган, 16 мартдан бери эса уй қамоғида сақланмоқда. Унга 139-модданинг 2-қисми (нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернетда жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-модда 3-қисмининг «а» банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳат қилиш) ҳамда 140-модда 3-қисми «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) билан айбланган.
Январь ойида фаол «Шабнам ТВ» YouTube-каналида Жиззах вилоятида ўгай отаси томонидан 6 ёшли қизга нисбатан жинсий, жисмоний ва руҳий зўравонлик содир этилиши мумкинлиги ҳақида видео чоп этган ва ҳуқуқ-тартибот идораларини вазиятни ўрганишга чақирган эди. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, қизнинг танасида тан жароҳати топилмаган. Суд қарорида айтилишича, қизнинг ота-онаси Оллашукурова уларнинг қадр-қимматини обрўсизлантирган ва шаънига путур етказганини таъкидлаган, дейилади суд қарорида.
Судланувчи ўз айбига қисман иқрор бўлиб, қизнинг ота-онасини ижарага қўйган дугонасидан маълумот олганини таъкидлади. У ўз видеосида ота-онасининг исм-шарифи ва яшаш манзилини кўрсатмагани ва уларни обрўсизлантиришга уринмагани, балки расмийлардан текширишни сўраганини айтди.
Апрель ойидаги яна бир видеода Нафосат Оллашукурова Давлат хавфсизлик хизматининг «махфий гуруҳи»ни блогер Асал Хўжаевани (Asalhoney) ўлдирганликда айблаган. Агар уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса, далиллар келтиришини айтган. Суд қарорида қайд этилишича, булар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан «асоссиз ва туҳматли баёнотлар»дир, чунки қотил сифатида бошқа шахс аниқланган.
Блогер Хоразм вилояти Боғот тумани ички ишлар бўлими катта терговчиси в. б.ни қасддан одам ўлдиришда айблади. 11 март куни унга қарши очилган туҳмат юзасидан жиноий иш бўйича терговни давом эттириш ва уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисида чақирув қоғози олиб келганида у билан жанжаллашиб қолган. Суд қарорида айтилишича, Оллашукурова ходимни беҳаё сўзлар билан ҳақоратлаган ва унга туҳмат қилган. Судланувчининг айтишича, у ҳомиладорликдан келиб чиққан руҳий ҳолат сабабли уни ҳақорат қилган.
Судья С.Ҳамроқулов блогерни Жиноят кодексининг туҳмат ва ҳақорат тўғрисидаги икки моддаси бўйича айбдор деб топди ва 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Бу муддатдан унинг уй қамоғида ўтказган вақти (14 мартдан 25 августгача) олиб ташланади.
Унга соат 21:00 дан 09:00 гача яшаш жойидан (уйдан) чиқиб кетиши, оммавий ва бошқа тадбирларда иштирок этиши, алоқа воситаларидан, жумладан, интернетдан фойдаланиши, шунингдек, Хоразм вилоятини тарк этиши тақиқланади. Боғот тумани ИИБ пробация гуруҳи рухсатисиз яшаш ва иш жойини ўзгартира олмайди.
Маълум қилинишича, Нафосат Оллашукурова суд қарори устидан апелляция шикояти берган.
2019 йилнинг кузида Оллашукурова журналист Маҳмуд Ражапов ва унинг яқинлари Хоразмдан Тошкентга пиёда юриб бориш кампаниясини ёритгани учун ҳибсга олинган эди. Кейинроқ у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қанча моддалари билан 10 суткага ҳибсга олинди. Маъмурий қамоққа олиш вақтида очлик эълон қилганидан сўнг эса Хоразм вилояти руҳий-асаб касалликлари диспансерига жойлаштирилди.
Ўша йилнинг декабрь ойи охирида у озод қилинди. У ўзини хавфсиз ҳис қилмаётганини ва мамлакатни тарк этганини айтди. Оллашукурованинг Facebook`даги саҳифасидаги маълумотларга қараганда, у бир муддат Туркияда яшаган.
Шарҳлар