Наманганда иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Унда одамларнинг меҳнати ва тадбиркорлиги билан Наманганда ҳаёт ўзгараётгани ва охирги етти йилда вилоят иқтисодиёти 2 баробар, экспорт 3 карра ўсиб, аҳоли жон бошига даромад 15,5 миллион сўмга етганлиги қайд этилган. 65 триллион сўм инвестиция ҳисобига 600 минг иш ўрни яратилган.
«Лекин ҳали кўп имкониятлар ишга солинмаган, жойларда камчиликлар ҳам бор. Масалан, вилоят экспортининг 86 фоизи тўқимачилик ва мева-сабзавотчилик ҳиссасига тўғри келади. Поп, Чортоқ, Норин ва Янгиқўрғонда саноатлашиш даражаси паст. Вилоятда 56 минг томорқада маҳсулот етиштирилмаяпти», – дейилади хабарда.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда шу каби муаммолар таҳлил қилиниб, имкониятларни тўлиқ ишга солиш бўйича вазифалар белгиланган ҳамда давлат раҳбари энг асосий масала аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш эканини таъкидлаган.
Сайхунобод тажрибаси асосида Наманганда ҳам ҳаракат бошланган. Вилоятнинг 14 та туманидаги 788 та маҳаллага банк филиаллари бириктирилган. Улар “маҳалла еттилиги” билан бирга хонадонлардаги имкониятларни, оиланинг хоҳиш-истакларини ўрганмоқда.
Биринчи босқичда кам даромадли 4 мингта хонадон танлаб олиниб, оила аъзолари жон бошига ойлик даромадни 2 миллион сўмгача ошириш чоралари кўрилади. Кейинги босқичда яна 4 мингтасига молиявий, техник, маслаҳат ва бошқа кўринишдаги амалий ёрдам берилади. Маҳаллаларда гулчилик, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай ва картошка етиштириш имконияти, яхши ривожланган. Бунга имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган.
«Бу ишларни ким қилиши керак? Президент вакили бўлган ҳокимлар, сектор раҳбарлари, 5 мингдан ортиқ иқтисодий идора ходимлари, маҳалладаги “еттилик” қилиши лозим. Бунинг учун барча масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлайдиган тизимни йўлга қўйиши керак», – деди давлат раҳбари.
Шарҳлар