“Наманган-Поп-Чодак” йўналишида ҳар куни экспресс йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади
Ангрен шаҳридан Тўрақўрғон туманигача 100 километрлик йўлда автомобиллар оқими кунига 10 мингдан ошади. Бу йўлни икки томони йил давомида жозибали. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати ёзмоқда.
«Лекин бу ерда одамларни 2-3 соат ушлаб қоладиган лойиҳалар камлиги қайд этилди. Йўл бўйи сервиси Поп, Чуст, Тўрақўрғон туманлари учун драйвер бўлиши, тадбиркорлар 2,5 триллион сўм инвестиция киритиб, 10 минг аҳолини доимий банд қилишга тайёрлиги кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан мутасаддиларга вилоят ҳокимлиги ҳузурида алоҳида дирекция ташкил қилиб, мастер-режа ишлаб чиқиш ва йўл бўйидаги ерларни аукционга чиқариш топширилди», – дейилади хабарда.
Наманган вилояти майдонининг 20 фоизи тоғлардан иборат. Бу – тоғ туризмини ривожлантириш учун катта имконият.
Айниқса, бундай лойиҳаларни Поп, Чуст, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқда амалга ошириш мумкин.
Германиялик ҳамкорлар билан Шаҳрисабз тажрибаси асосида бу туманларда тоғ туризмини ривожлантириш мастер-режасини ишлаб чиқиш ва йил якунигача лойиҳаларни бошлаш муҳимлиги таъкидланди.
Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар
Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кескин ўсиши учун транспорт соҳасида имкониятлар тўлиқ ишга солинмагани кўрсатиб ўтилди.
«Транспорт вазирлигига байрам кунлари авиа ва темир йўл рейслари сонини 2 баробар ошириш, Наманган ёки Фарғонага учиш графигини қайта кўриб чиқиб, водийга ҳар куни бўладиган авиа рейсларни кўпайтириш топширилди. Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Наманганни Бухоро ва Самарқанд билан боғловчи темир йўл рейслари, “Наманган-Поп-Чодак” йўналишида ҳар куни экспресс йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилади», – дейилди йиғилишда.
Йиғилишда саноат ва инвестиция масалалари кўриб чиқилди.
Наманган саноат зоналари бўйича намуна бўлгани – сўнгги йилларда вилоятда 72 та кичик ва ёшлар саноат зоналари ишга тушгани қайд этилди. Шу билан бирга, Наманган шаҳри, Наманган, Янги Наманган ва Давлатобод туманларидаги 16 та саноат зонасида қўшимча лойиҳа жойлаштириш имконияти бор.
«Тадбиркорлар ҳам хорижий ва маҳаллий сармоя киритиш ташаббуси билан чиққан. Бунга қўшимча равишда маҳаллий 7 та йирик лойиҳага Саноат жамғармасидан 37 миллион доллар ажратиш топширилди. Вилоятда 129 та норуда конидан 29 тасига саноат кириб бормаган. Бу конларда янги лойиҳа қиламан, деган тадбиркор кўп. Жумладан, улар керамогранит ва базальт тола ишлаб чиқармоқчи. Бундан ташқари, Чустдаги “Аличелек” мис конига Хитойлик инвесторлар 200 миллион доллар сармоя киритишга тайёр», – деган президент.
Вилоятдан қўшни давлатларга экспортнинг ҳозирги кўрсаткичлари бор имкониятга мутлақо тўғри келмаслиги кўрсатиб ўтилди. Қўшни давлатларда савдо уйларини очиш бўйича музокара ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Шарҳлар