Намангандаги қамоқхонада маҳкум ўзини осиб қўйди
23 май куни Наманган вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган 2000 йилда туғилган маҳкум (Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми «Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш» билан судланган) ишлаб чиқариш цехи худудида ўзини-ўзи осиб, вафот этган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мурдани кўздан кечириш давомида бўйин соҳасида странгуляцион эгатдан ташқари бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган.
Ҳолат юзасидан Поп тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда марҳумнинг онаси томонидан ўғлининг танасида қийноқ излари борлиги қайд этилган хабар тарқатгани сабабли мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) назоратига ҳам олинган.
Омбудсман ахборот хизматидан маълум қилишларича, ҳолат Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига бориб ўрганилмоқда.
Ўрганиш якунлари бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади.
Шарҳлар