Наманган вилояти жиноят қидирув бўлимининг собиқ бошлиғига қийноқлар учун енгил жазо тайинланди
8 май куни Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди Наманган вилояти ИИБ Жиноят қидирув бўлими собиқ бошлиғи Умид Рауповга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.
Иш материалларига кўра, 2022 йил 13 октябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Ф.Ф.ни кучли таъсир этувчи «Тропикамид» ва «Регапен» психотроп дори воситаларини олиб ўтаётган вақтида ушлаб, Давлатобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов изоляторига вақтинча жойлаштиришган. Кейинчалик унинг психотроп дори воситаларини Тошкентга олиб кетаётгани аниқланган.
Қўлга олинган шахснинг иши ДХХ юрисдикциясида бўлишига қарамай, Наманган вилоят ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Умид Раупов, суд қарорида кўрсатилганидек, камерага кириб келган ва 14 октябрь куни соат 03:31 дан 03:57 гача маҳбусдан маълумот олиш учун «қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний, қадр-қимматни камситувчи муомалалар қўллаган, қўл-оёғини калтаклаган, тан жароҳати етказган, қийноққа солган, қонунга хилоф равишда руҳий ва жисмоний босим ўтказган.
Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, қўлга олинган шахснинг чап елкаси, ўнг сони, ён томонида кўкаришлар, ўнг сон қисмида ҳам кўкаришлар, қўлининг шишиши аниқланган. Экспертиза жароҳатларни соғлиқ бузилишига олиб келмагани учун енгил деб топди.
2023 йил 16 март куни Тошкент шаҳрида яшовчи Умид Рауповга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 235-модданинг 1-қисми (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо қўллаш) бўйича айблов эълон қилинди.
Наманган вилояти ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи суд мажлисида ўз айбига қисман иқрор бўлди. У Жиноят кодексининг 235-моддаси 1-қисми билан қўйилган айбловга рози бўлган, бироқ Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисмини айбловдан чиқариб ташлашни сўраган. Унинг сўзларига кўра, у жиноятни очиш бўйича ўз вазифаларини бажариб, қўлга олинган шахс кучли таъсир этувчи дори воситаларини кимдан ва қаердан олганини аниқлашга ҳаракат қилган.
Жабрланувчининг турмуш ўртоғи Умид Рауповга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, кейин суддан унинг жазосини енгиллаштиришни сўради.
Суд Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш — БҲМнинг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича айблов нотўғри малакаланган деб топди ва уни истисно қилиш тўғрисида қарор чиқарди.
Суд судланувчининг айбига қисман иқрорлиги, пушаймонлиги ва оилавий аҳволини инобатга олиб, жазони енгиллаштирди ҳамда ИИВ ходимига 3 йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, 3 йилгача озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Ушбу моддада назарда тутилган жазо 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Пробация хизмати рухсатисиз унинг Тошкент шаҳридан ташқарига чиқиши, яшаш жойи, иши ёки ўқишини ўзгартириши тақиқланади. У ижтимоий фойдали меҳнат фаолияти билан ҳам шуғулланиши мумкин.
Судланувчига 6 млн сўм гаров пули қайтарилди.
Шарҳлар