Наманган вилоятида арабча диний кийим кийган куёв жаримага тортилди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва тўй маросимидан лаҳзалар акс этган видеода куёвни арабча либосда, келин эса юзини ёпиб олган ҳолатда кўриш мумкин. Маросим давомида диний арабча мусиқа янграйди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги диний мазмундаги материалларни ноқонуний тарқатгани учун куёв Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддасига асосан жаримага тортилганини маълум қилди.
Тадбир 31 август куни Наманган вилоятида бўлиб ўтган. 2000 йилда туғилган куёв Наманган вилояти ИИБга таклиф қилиниб, “ўз ташаббуси билан, ўзининг шахсий диний қарашларидан келиб чиқиб, келинга ноанъанавий кийимлар кийдириб, уни бошдан-оёқ ўраб, тўй тадбирига диний тус берган ва диний қўшиқлардан фойдаланган”.
Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, қонун гендер асосидаги билвосита камситиш ва гендер тенгсизлигини тарғиб қилишни тақиқлайди. Бундан ташқари, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга фақат диний экспертизанинг ижобий хулосаси, жамоат тартибига, соғлиғи ва маънавиятига таҳдид солувчи диний ғояларни сингдириш ва тарқатишга қарши кураш олиб борилганидан кейингина рухсат этилади. Фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва эркинликлари «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун билан белгиланган.
Ўзбекистон муфтийси Нуриддин Холиқназаров Ислом динида, хусусан, кийинишда ҳаддидан ошиш ҳолатларини танқид қилганди. «Бизнинг мазҳабимиз аёллар маълум бир кийимни кийишига буюрмаган, қора кийсин, юзини беркитсин, деган нарса бизнинг мазҳаб кўрсатмасида йўқ», — деганди муфтий.
Шарҳлар