Наманган вилоятида талаба қизни таъқиб қилган эркак жавобгарликка тортилди
Наманган вилояти Чортоқ туманида яшовчи талаба қиз номаълум шахс уни доимий равишда телефон орқали қўрқитиб, таъқиб қилаётгани ҳақидаги ариза билан Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг “Ишонч телефони”га мурожаат қилди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизматига таяниб, «Газета» нашри ёзади.
Эркак қизга кўп марта шилқимлик қилган, дугоналарини безовта қилган ва ҳатто онасини ўлдириш билан қўрқитган.
Талаба қизнинг мурожаати Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги вакилига юборилиб, Чортоқ вилояти ИИБ ходимлари билан биргаликда кўриб чиқилди. Эркакнинг шахси аниқланиб, у маҳаллий фуқаро, 1991 йилда туғилган A.O. экани аниқланди, унга нисбатан баённома тузилиб, иш судга оширилди.
Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди A.O.га нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат)ни қўллади ва базавий ҳисоб миқдорининг беш баравари миқдорида жарима белгилади.
Бундан ташқари, A.O. қизни энди безовта қилмаслиги ҳақида тилхат ҳам ёзган.
Шарҳлар