Наманганда қарийб 80 млн рублни Қирғизистонга олиб ўтишга уринган шахс ушланди
Наманган вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Қирғизистонга йирик миқдордаги хорижий валютани ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган шахс қўлга олинди.
Жумладан, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ҳудудидан Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти Ола-Бўка тумани билан чегарадош ҳудуддан ўтиб кетаётган 1990 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина “Ўзбекистон-Қирғизистон” давлат чегарасида тўхтатилиб, кўздан кечириш чоғида унинг кабинасида 3 дона полиетилен пакетда 79 миллион 994 минг 900 рубль борлиги маълум бўлди.
Маълум бўлишича, бу шахс чегарадан пул ўтказиб бериш эвазига 300 АҚШ доллари олиши керак бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шарҳлар