Наманганда бир оиланинг 3 нафар аъзоси ўлдирилди
Наманган вилоятининг Поп туманида бир оиланинг уч нафар аъзоси — она ва унинг икки нафар фарзанди пичоқлаб, ўлдирилган. Бу ҳақидаги хабарни Бош прокуратура ахборот хизмати тасдиқлаган.
Хабарга кўра, «қотилликни содир этган шахс марҳумларга қариндош бўлган. Қайнака ўғли билан укасининг хотини ва 17, 14 ёшли жиянларини пичоқлаб ўлдирган. Муаммога ер талашиш сабаб бўлган».
Манбанинг қўшимча қилишича, воқеа жойида оиланинг яна бир аъзоси, марҳум аёлнинг қизи ҳам бўлган. «Пичоқлашиш воқеаси содир бўлгач, қиз қўрқиб, яширинган. Бўлмаса, уни ҳам ўлдиришар эди», – дейилган.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, воқеа 9-август куни соат 21:40 ларда содир бўлган.
«Поп туманининг “Боён” МФЙ, Боён-3 кўчасида яшовчи фуқаро М.А. исмли аёл қариндошининг яшаш хонадонига бориб, аввалдан мавжуд бўлган мулкий низо сабаб у билан жанжаллашиб қолган. М.Р. аёл қариндоши ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзандини пичоқ билан қасддан уриб ўлдириб, воқеа жойидан яширинган», – дейилади масъуллар изоҳида.
Қўшимча қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан2024-йилнинг 10-август куни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар