Наманганда қатор камчиликларга йўл қўйган раҳбарлар танқид қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятининг имкониятларини ишга солиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Наманган мамлакатимизнинг энг баракали, серсув ва серҳосил ҳудудларидан бири, меҳнаткаш ва саховатпеша, ғурури баланд, тадбиркорликда энг илғор инсонлар юрти эканини таъкидлади.
Уларнинг меҳнати ва фидойилиги билан Наманганда ҳаёт ўзгармоқда. Ўтган 7 йилда вилоят иқтисодиёти 2 баробар, экспорт 3 карра ўсиб, жон бошига даромад 15,5 миллион сўмга етди. 65 триллион сўм инвестиция ҳисобига 600 минг иш ўрни яратилди.
Шу билан бирга, Наманганда мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани учун масъул комплекслар ва вилоятдаги раҳбарлар танқид қилинди.
Вилоят экспортини 86 фоизи тўқимачилик ва мева-сабзавотчилик ҳиссасига тўғри келади. Мингбулоқ ва Косонсойда бир гектардан олинадиган даромад вилоят кўрсаткичидан 2 баробар кам. Аҳолига берилган 16 минг гектардан 3,5 минг гектари бўш ётибди. Поп, Чортоқ, Норин ва Янгиқўрғонда саноатлашиш даражаси паст.
Масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Сайхунобод мисолида Уйчи туманидаги 56 та маҳаллада ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, томорқадан 60-70 миллион сўм даромад олиш бўйича намуна яратиш топширилди.
Президент вилоятдаги имкониятларни ишга солиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллаларда жами 4 мингта хонадонни танлаб олиб, уларнинг даромадини ошириш чоралари кўрилади. Кейинги босқичда яна 4 мингтасига молиявий, техник, маслаҳат ва бошқа кўринишдаги амалий ёрдам берилади.
Шу тартибда, 35 минг хонадонга гулчилик, иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай, картошка етиштиришга кўмаклашилади. Бунга етарли миқдорда кредит ажратиш режалаштирилган.
Юртимизда қазиб олинаётган олтинни атиги 6 фоизи қайта ишланиб, бор-йўғи 78 миллион долларлик экспорт бўлаётгани қайд этилди.
Президент кеча танишган заргарлик корхонасини мисол қилиб, заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун жуда катта салоҳият борлигини таъкидлади.
Шу боис, тадбиркорлар учун алоҳида шароитларга эга заргарлик зоналари ташкил қилинади. Соҳага хомашё етказиш, мутахассис тайёрлаш, ишлаб чиқариш занжири ва сотиш тизими бутунлай қайта кўриб чиқилади.
Мутасаддиларга Туркия тажрибаси асосида Наманганда олтинни қайта ишлаш ва сотиш бўйича йирик марказни ишга тушириш топширилди.
Шарҳлар