Катта маиқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди
Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида Нуробод туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Ургут туманида яшовчи, 2003 й.т. шахс Нуробод туманида истиқомат қилувчи, 1984 й.т. жиноий шериги билан тил бириктириб, Тожикистон Республикасидан олиб келинган 2 кг. 875 гр. “опий” моддасини 40,5 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар беряпти.
«Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ички ишлар органлари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда, “Самарқанд-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашина Жомбой тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган, Ургут туманида яшовчи, 1993 ва 1996 йилларда туғилган 2 нафар шахснинг ёнида 1 кг. 616 гр. “опий” моддаси борлиги маълум бўлди», – дейилади хабарда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, “Тошкент-Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автомашина Наманган вилоятининг Поп туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилди.
«Аммо, тўхташ жараёнида автотранспорт воситасида йўловчи сифатида кетаётган, 1987 йилда Бағдод туманида туғилган шахс автомашина ойнасидан бир дона пакетни улоқтириб юборади. Шундан сўнг, ушбу пакет холислар иштирокида текшириб кўрилганда, унда 1 кг. 915 гр. “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди. Аниқланишича, мазкур фуқаро тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган ажал оғусини олиб кетаётган бўлган. У гиёҳвандлик воситасини 8 минг АҚШ долларига сотиб олган», – дейилган хабарда.
Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Фарғона туманида яшовчи, 1990 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс 770 гр. “гашиш” моддасини 7 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди.
Терговга қадар текширув давомида, Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу наркотик модданинг ҳақиқий эгаси Фарғона туманида яшовчи, 2000 й.т. фуқаро эканлиги аниқланиб, у ҳам ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шарҳлар