НАТО мамлакатлари 2024 йилда Украинага «миллиардлаб евро» ёрдам беришни ваъда қилди
НАТОга аъзо давлатлар НАТО-Украина кенгаши йиғилишидан сўнг Киевга иқтисодий, гуманитар ва ҳарбий ёрдам беришни, шу жумладан Украина ҳаво мудофаасини мустаҳкамлаш учун давом эттиришини маълум қилди. Бу ҳақда кенгаш баённомасида айтилади.
Маълум бўлишича, НАТОнинг кўпгина аъзолари 2024 йилда Киевга “миллиардлаб евролик қўшимча имкониятлар” ажратиш режаларини билдирган. Қандай имкониятлар назарда тутилаётганига аниқлик киритилмаган.
НАТО аъзолари шунингдек Россиянинг Украинага ҳужумларини, Шимолий Корея баллистик ракеталаридан ва Эрон дронларидан фойдаланишини “қатъий қоралаган”.
НАТО-Украина кенгаши йиғилиши 10 январда элчилар даражасида Киев сўрови билан украин ҳудудларига РФ қўшинлари томонидан ҳужумлар кўпайган пайтда чақирилган эди.
АҚШ Конгресси ички сиёсий келишмовчиликлар туфайли Украинага 60 миллиарддан ортиқ долларлик ёрдамни давом эттириш учун маблағ ажратишни ҳали маъқулламади. 2023 йил охирида АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага ажратилган пул деярли тугаганини таъкидлаган эди.
Euractive нашрининг маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи 2024 йил март ойидан кечиктирмай Украинага молиялаштиришни тақдим этишни ваъда қилган. Газета манбаларининг айтишича, европалик мансабдор шахслар, Венгрия декабрда уни блокировка қилганига қарамай, Украинага 50 миллиард евро ёрдам пакетини келишиш умидида.
Politico нашри Венгрия Украинага келгуси тўрт йил давомида ёрдам кўрсатишга рози, аммо бу ёрдам ҳар йили қайта кўриб чиқилиши шарт, дея хабар берган эди.
Шарҳлар