Навоий ИЭС газ қувурида юз берган авария сабабли электр таъминотида узилишлар бўлиши кутилмоқда
Бугун, 7 июль куни соат 05:48 да Навоий иссиқлик электр станциясининг буғ-газ қурилмаларини табиий газ билан таъминловчи 2-тармоқ газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати юзага келган. Ҳозирда носозликни бартараф қилиш ишларини хавфсиз бажариш учун “Навоий-4” газ тақсимлаш станцияси орқали газ таъминоти тўхтатилмоқда.
Мазкур ишларни тўлиқ якунлаш жараёнида Навоий ИЭСнинг 1-сон буғ-газ қурилмаси ҳам вақтинчалик тўхтатилади. Шу боис республиканинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин, дея хабар беради Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати.
Матбуот хизматининг қайд этишича, июль ойининг биринчи ярмида мамлакатимиз ҳудудида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва 6-8 июль кунлари республиканинг суткалик электр энергияси истеъмоли 223 миллион киловатт соатгача етиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткич ўтган мавсумнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга кўпдир.
Шу билан бирга, республикамиз сув омборларига сув келиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга кам ёки кўп йиллик ўртача сув келишининг 48 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳолат гидроэлектр станцияларнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келмоқда.
Шарҳлар