Навоий вилоятида 2025-йилни “Алишер Навоий йили” деб эълон қилиш таклиф этилди

Foto: prezident.uz

Шавкат Мирзиёев 1-ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисда Навоий вилоятида 2025-йилни “Алишер Навоий йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.

Мажлисда Навоий вилояти маънавий тарбия, маърифий юксалиш йўлида барчага ўрнак ва намуна бўлиши, Ўзбекистоннинг маънавий брендига айланиши зарурлиги таъкидланди, – дейилади Президент матбуот хизматининг хабарида.

2017-йил Андижон вилоятида “Бобур йили” деб эълон қилиниб, шу асосда қатор ишлар амалга оширилган эди. Президент шундай тажрибани Навоий вилоятида ҳам қўллаб, 2025-йилни вилоятда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.

Бу йил доирасида “Ҳазрат Навоийни англаш — ўзлигимизни англаш” мавзусида президент совғаси учун республика танлови ташкил этилади. Ҳар бир маҳалла, мактаб, олийгоҳлар ва меҳнат жамоаларида “Навоийхонлик кечалари” ўтказилади.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманлари, қишлоқларида Навоийга атаб янги боғлар, хиёбонлар, яшил ҳудудлар ташкил этилади.

Қуриладиган Янги Ўзбекистон боғида Алишер Навоийга бағишлаб мемориал музей ташкил этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.