Қамоқхонада ўз жонига қасд қилган маҳкум ҳақидаги хабарлар ўрганилмоқда

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бугун оммавий ахборот воситалари орқали Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида 25 декабр куни соат 14:40ларда 11-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда маҳкум чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера деразасига ўрнатилган темир панжарага ўзини осиши оқибатида вафот этгани қайд этилган. Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан назоратга олиниб, ишга тааллуқли маълумотлар сўраб олинди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар беряпти.

«Аниқланишича, 24 ёшли маҳкум Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани судининг 2021 йил 10 ноябрдаги ҳукмига кура, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ва 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) билан 14 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган», – дейилади хабарда.

Омбудсманга тақдим қилинган маълумотларга кўра, марҳум Ф.Қ. муқаддам руҳиятнинг ўзгариши билан боғлиқ бошқа касалликларга мойиллиги бўлган маҳкумлар рўйхатида турган. Маҳкум Ф.Қ. жазо муддатини ўташи давомида 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхонанинг психиатрия бўлимида 2 маротаба даволанган.

«Марҳумнинг оила аъзолари унинг жазо муддатини ўташи давомида қисқа ва узоқ муддатли учрашувга келишмагани, фақатгина маҳкум Ф.Қ. улар билан 6 маротаба телефон орқали суҳбатлашгани аниқланди. Шунингдек, марҳумнинг ноодатий хатти-ҳаракатлари сабабли муассасадаги бошқа маҳкумлар у билан бир камерада ўтиришни истамаганлиги сабабли маҳкум Ф.Қ. 2023 йил 24 декабрь кунидан буён алоҳида сақланган», – дейилган муносабатда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан махсус прокуратура томонидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Омбудсман юқорида қайд этилган хабарлар юзасидан текширув ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини назорат қилаётганлиги билдирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.