Ашхободда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий номидаги маданият ва истироҳат боғи мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этган тадбир доирасида буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиши ҳам ташкил этилди.
Қайд этиш жоиз, боғнинг марказий қисми – Махтумқули Фироғий ёдгорлигидир. Ёдгорлик жаҳонга машҳур ёзувчиларнинг 24 ҳайкалини бирлаштирган янги маданият ва истироҳат боғи мажмуасининг марказий қисмига айланди.
Махтумқули ёдгорлиги атрофида жаҳон адиблари ва атоқли шахсларининг ҳайкаллари ўрнатилди. Жумладан, мажмуада Оноре де Балзак, Иоган Волфганг Гёте, Рабиндранат Тагор, Уилям Шекспир, Фёдор Достоевский, Данте Алигери, Саят-Нова ва бошқа кўплаб дунё адабиётининг ёрқин вакиллари маҳобатли ҳайкаллари қад кўтарган. Алишер Навоийнинг ҳайкали ҳам энди атоқли шахслар қаторидан жой олди.
Шарҳлар