Навоийда «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — ватанмиз!» байрам тантаналари ўтказилди

Навоий шаҳридаги Алишер Навоий марказий маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида гала-концерт дастури бўлиб ўтди.

Дастлаб тадбирда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, ўз маърузасида амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга тўхтатилиб ўтди.

Хусусан, вилоятда сўнгги уч йилда 7939 та хонадондан иборат 124 та янги кўп қаватли уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилган.

Биргина, 2024 йилда вилоятимизда жами 4000 хонадонли 58 та уй-жойлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1020 хонадонли 20 та уй-жойлар фойдаланишга топширилди ва қарийб 5 минг нафар аҳоли янги уй-жойлар билан таъминланди.
Хусусан, “Янги Ўзбекистон” массивларида 200 хонадондан иборат бўлган 8 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди.

Хатирчи, Нурота, Ғазғонда илк бор кўп қаватли, замонавий уйлар қад кўтармоқда.
Шунингдек, тоза ичимлик сув Навоий учун ўта долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Охирги уч йил мобайнида аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1539,3 км янги ичимлик сув тармоқлари тортилди.

Бунинг натижасида 70 та маҳаллаларда яшовчи 152 минг нафардан ортиқ аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланиб, 15 та маҳалладаги 36 минг нафардан ортиқ аҳолининг таъминоти яхшиланган.

“Йўл қурмоқ савоб, йўл юрмоқ роҳат” дейди доно халқимиз…

Бу йўналишда қилинган ишларимиз ҳам анчагина салмоқли. Вилоятда сўнгги 3 йил давомида жами 2729 км, шундан 1376 км асфальт, 1242 км шағал қопламали ва 112 км цементбетон қопламали автомобиль йўллари қурилди.

Айниқса, аҳолини узоқ йиллардан бўён қийнаб келаётган муаммолардан ҳисобланган ички йўлларни қуриш-таъмирлаш борасида жами 1718,7 км узунликдаги йўлларда қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Буюк шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Ҳеч қачон ўчмасин ёнган чироғинг” деган мисралари бор.

Аҳолимизнинг хонадонларида доим чироқ ёниб туриши учун 2022-2024 йилларда электр таъминотини яхшилаш бўйича 1669,7 км электр узатиш тармоқлари, 3 дона подстанция ҳамда 382 дона трансформатор пунктлари янгидан қурилди.

Вилоятимизда 2022 йилда биринчилардан бўлиб қуввати 100 МВтли бўлган қуёш станцияси қурилган бўлса, 2024 йилда Томди туманида қурилаётган қуввати 500 МВтли шамол электр станциясининг 300 МВт қисми ишга туширилди. Ушбу станциялар орқали йилига ўртача 300 млн кВт*соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.

Шунингдек, вилоятимизда сўнгги уч йилда жами 154 та, шундан 29 та оилавий шифокорлик пункти, 2 та оилавий поликлиника ҳамда 123 та маҳалла тиббиёт пунктининг фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 300 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат яқинлаштирилди.

Вилоятимиз ва Республикамизнинг таниқли хонандалари байрам шодиёналарида аҳолига ўзгача кайфият бағш этди. Минглаб юртдошларимиз иштирок этган ушбу тадбирда ажойиб мушакбозликнинг ҳам гувоҳи бўлишди. Айни пайтда байрам тантаналари вилоят бўйлаб давом этмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.