Назарбаевнинг жияни 650 млрд тенге миқдоридаги активларни давлатга қайтарди
Коррупцияга қарши курашиш хизматининг расмий вакили Арман Тлеукенов Қайрат Сатибалдиулига нисбатан тергов иши ҳақида гапирди.
«Жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштиришга оид 218-модданинг 3-қисми бўйича терговга қадар текширув якунланди. Қайрат Сатибалдиули жиноий йўл билан олинган маблағлар ва ноқонуний пуллардан фойдаланган ҳолда турли хил мулкка эга бўлган, шу жумладан чет элда ҳам пул маблағларини Қозоғистон ва хориждаги банк ҳисоб рақамларига жойлаштирган”, — деди у.
Тергов якунланди ва суд жараёни иштирокчилари томонидан кўриб чиқилмоқда. Собиқ президент Нурсултан Назарбаевнинг жияни устидан солиқ тўлашдан бўйин товлаш айби билан яна бир иш бўйича тергов давом этмоқда.
“2022 йил бошидан буён Коррупцияга қарши курашиш хизмати томонидан ноқонуний олиб қўйилган қарийб 912 миллиард тенгега тенг активлар давлатга қайтарилди. Бу бутун мамлакат учун умумий миқдор. Улардан 650 миллиард тенгега яқини Қайрат Сатибалдиулига қарши иш бўйича қайтарилган. Бунга нақд пуллар, бизнес марказлари, улушлар, ер участкалари, темир йўл тупиклари киради – буларнинг барчаси давлатга қайтарилди”, — дейди «Антикор» расмий вакили.
Брифингда у 2022 йил якуни ва 2023 йилнинг 10 ойи давомида жами 850 миллиард тенге давлат фойдасига қайтарилганини айтди.
Журналистлар Арман Тлеукеновдан, шунингдек, 2023 йил ноябрида парламент мажлислари чоғида Бош вазир Бош прокуратура маълумотларига таяниб, 945 миллиард тенгелик активлар давлатга қайтарилганини нега айтганини сўради.
“Эҳтимол, Бош вазир активларни қайтариш бўйича комиссия натижалари ҳақида гапиргандир. Комиссия таркибига Коррупцияга қарши курашиш хизмати ҳам, Бош прокуратура ҳам киришини тушунишимиз керак. Бу Бош прокуратура маълумотлари, уларда нафақат «Антикор»дан, балки Молиявий мониторинг агентлигидан, Ички ишлар вазирлигидан маълумотлар бўлиши мумкин. Лекин ҳозир бу рақамга изоҳ беришга ваколатим йўқ… Бу ерда бошқа идоралар линияси бўйича жиноий ишлар бўлиши мумкин. Бизнинг суммамиз 912 миллиард тенге”, — деди Арман Тлеукенов.
Шарҳлар