Украина Россия нефть заводларига ҳужумлар қандай натижалар берганини маълум қилди

Фото: www.unian.net

Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) раҳбари Василий Малюк Россия ҳудудидаги нефтни қайта ишлаш заводларига берилган сўнгги зарбаларни изоҳлади.

“Душман ҳудудига бир қатор муваффақиятли зарбалар берилди. Таъкидлаб ўтиш керакки, айнан нефть маҳсулотлари экспорти ҳисобидан Россия ўз бюджетини тўлдирмоқда: бу уларнинг бюджетининг учдан бир қисми ва ҳарбий бюджетнинг ҳам катта қисми”, — деди у ICTV каналига берган интервьюсида.

“Бюджетга киримларни максимал даражада камайтириш ва автоматик равишда жаноб Путинга борадиган кислородни тўсиш керак. Операциялар узоқ масофали дронлар ёрдамида ўтказилмоқда. Биз нефть қазиб олишни ҳам, қайта ишлашни ҳам аллақачон 12 фоизга қисқартирдик”, — дея қўшиб қўйди у.

Шунингдек, Малюк эслатишича, март бошидан буён Россия бензин экспортини тўлиқ тўхтатган. Бу орада УХХ Россия нефтни қайта ишлаш заводларига 13 марта муваффақиятли ҳужумларни амалга оширган.

Аввалроқ Украина ҳарбий разведкаси 2022 йилдан буён Россия нефтни қайта ишлаш заводларига камида 12 марта ҳужум қилингани (2024 йилда камида 9 марта) ҳақида хабар берганди. Икки ҳафта аввал Киев икки марта дронлар ёрдамида энг йирик ҳужумларни амалга оширди, натижада кетма-кет бир неча кун ичида Россиянинг еттита энергетика объектига муваффақиятли зарбалар берилди.

Шундан кейин АҚШ ҳукумати Украинани Россия энергетика инфратузилмасига ҳужумларни бас қилишга чақиргани маълум бўлди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.