Нега Миллий гвардия 23,3 млрд сўмга отларни харид қилмоқда
Миллий гвардия ҳузуридаги От спорти олий мактаби томонидан 10 та от сотиб олиш учун бошланғич қиймати 23,3 миллиард сўмлик тендер эълон қилинди. Бунга Daryo.uz нашри эътибор қаратади.
Тендернинг бошланадиган сана – 23 июнь, иштирокчиларни рўйхатга олиш 21 июлгача давом этади. Дастлабки сумма 23 миллиард 305 миллион 391 минг 62 сўм бўлгани учун ҳар бир отнинг нархи 2,3 миллиард сўмга тушади.
Техник ҳужжатларга кўра, ҳайвонлар Европанинг иссиқ қонли зотдор отлари бўлиши керак. Отлар Халқаро от спорти федерацияси паспортига эга бўлиши, сўнгги олти ой ичида уч турдаги грипп ва касалликларга қарши эмланган бўлиши лозим. Шунингдек отлар 7 ёшдан 11 ёшгача, соғлом, кучли ва барқарор характерга эга бўлиши зарур.
Нега бу отларни сотиб олишяпти
Харид Республика от спорти олий мактаби чавандозларини тайёрлаш ва халқаро мусобақаларда (Жаҳон кубоги, Миллатлар кубоги, Евроосиё кубоги, жаҳон чемпионати босқичлари ва Осиё ўйинлари) иштирок этиш учун амалга оширилмоқда.
Бу харидлар президентнинг “2025 йилгача Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва поло турларини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Қарорда “Халқаро от спорти талабларига жавоб берадиган 10 та наслли от” харид қилиниши белгиланиб, харид “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳомийлиги ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Шарҳлар