Bo'limsiz

Нега Тошкент метросида ҳаво дим

Источник: Anhor.uz

Метро йўловчилари платформалардаги кучсиз шамоллатиш тизимидан шикоят қилишмоқда. Бу ҳақда «Газета» нашри ёзади.

“Тошкент метрополитени” матбуот хизмати ҳар бир йўналишга вентиляторлар ўрнатилгани боис вентиляция билан боғлиқ муаммо йўқлигини маълум қилди. Уларнинг 46 таси Чилонзор йўналишида, 44 таси Ўзбекистон йўналишида, 29 таси Юнусобод йўналишида ишламоқда.

“Меъёрларга кўра, платформаларда ҳаво ҳарорати 26-27 даража бўлиши керак, бироқ охирги 2-3 кун ичида «Шаҳристон», «Юнусобод» ва “Минг ўрик” бекатларида 28-29 даражагача кўтарилган”, — дейди матбуот хизмат хабарида.

Шу билан бирга, метрополитен 2019 йилда Москванинг “Метровагонмаш” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган янги поездларда кондиционерлар билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини тан олди.

Ускуналар ушбу поездларнинг ҳар бир вагонига ўрнатилган, бироқ улар ер усти йўналишига ўтганда, ҳароратнинг кескин ўзгариши туфайли кондиционерлар ишламай қолиши мумкин.

“Шунингдек, кондиционерлар ишлаётганида одамлар деразаларни очса, вагон ичи жуда қизиб кетади”, — дейди матбуот хизмати.

Москвалик мутахассислар муаммони ҳал қилиш устида ишламоқда. Улар муаммони қачон бартараф этишлари номаълум, чунки “вагонлар фақат поездлар орасидаги танаффус вақтида текширилиши мумкин”.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.