Nemolchi.uz лойиҳаси Бош прокуратурадан Каттақўрғонда содир этилган гуруҳли зўрлаш ҳақидаги ишни назорат остига олишни сўрамоқда
Nemolchi.uz зўравонликка қарши курашиш лойиҳаси 15 июль куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида бир қиз тўрт эркак томонидан зўрлангани ҳақида хабар беради.
Қизнинг ота-онаси айтишича, у уйидан 300 метр нарида жойлашган қариндошиникига борган. Йўлда у бир қишлоқдошининг уйи ёнида бир гуруҳ маст одамларни учратган. У уларни айланиб ўтиш учун йўлнинг нариги томонига ўтган. Бироқ қўшниси унинг қўлидан ушлаб олган, унга муқаддам судланган яна бир эркак қўшилган. Уни мажбуран уйга олиб киришган, калтаклашган ва уч киши бўлиб зўрлашган, қаршилик кўрсатмаслиги учун пичоқ билан қўрқитишган. Шундан сўнг эркаклар ўз танишларига қўнғироқ қилиб, уларни зўрлашда иштирок этишга таклиф қилишган, у ҳам шундай қилган. Кейин қизни яна калтаклашган ва уни ўлдириш билан таҳдид қилиб, жим юришини буюришган.
Шундан сўнг шок ҳолатида бўлган қонли либосда қиз қариндошиникига етиб борган, қариндоши участка инспектори билан боғланган.
Жабрланувчининг яқинларининг сўзларига кўра, туман ИИБ ходими дам олиш куни эканлигини айтиб, душанба куни келишсин, деган, лекин душанба куни ҳам экспертизадан ўтиш учун йўлланма бермаган. Жабрланувчи томон прокуратурага мурожаат қилган, шундан кейингина 18 июль куни суд-тиббиёт экспертизаси ўтказилган.
“Туман милицияси ходимининг ҳаракатсизлиги ва лаёқатсизлиги туфайли зўрлаш содир бўлган пайтдан бошлаб уч кун бой берилди, гарчи бундай ҳолларда экспертиза самарадорлиги муҳим аҳамиятга эга. Унинг бунчалик кечиктириши «тасодиф»ми? Яна қанча зўрлашлар ҳақидаги ишни тинчитган? Нега унинг учун адолатдан кўра зўравонларнинг обрўси муҳимроқ? Қандай қилиб у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлаяпти?” — леган саволни ўртага ташлайди Nemolchi.uz лойиҳаси.
Жабрланувчининг яқинлари 24 июль куни экспертиза натижалари чиққани ҳақида хабар беришди: биоматериаллардан бир нечта намуналар топилган бўлса-да, фақат бир нафар гумонланувчига нисбатан иш очилган, у аввал судланган. У 118-модданинг 1-қисми «Зўрлаш» бўйича айбланиб, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
“Афтидан, Каттақўрғон ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари жазо муддатини ўтаб бўлганларнигина айблашга қарор қилган. Ахир, гуруҳли зўрлаш учун жазо қаттиқроқ-да”, — дейилади лойиҳада.
Қизнинг қариндошлари айтишича, қолганларни ишга жалб қилишмаган. Гўёки, иккитаси Россияга ишлаш учун кетганмиш.
Nemolchi.uz лойиҳаси Бош прокуратурага ушбу ишни назоратга олиш ҳамда Самарқанд вилояти ИИБ фаолиятини текширишни сўраб мурожаат қилган.
Шарҳлар