Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон кураш федерацияси раиси этиб қайта сайланди
Спорт вазирлигида Ўзбекистон кураш федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, ҳудудий кураш федерацияларининг мутасаддилари, тегишли мутахассислар, делегатлар иштирок этган конференцияда ўтган йиллар давомида мамлакатимизда миллий спорт курашни ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги ривожини қўллаб-қувватлаш, зарур инфратузилмани яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Хусусан, Европа, Америка, Осиё, Африка ва Океания қитъасининг бир қатор давлатларида кураш турнирлари, турли чемпионатлар, семинар-машғулотлар ўтказиб келиниши асносида миллий спортимизнинг халқаро ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди.
Конференцияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев делегатларнинг овоз бериши натижасида янги беш йиллик муддатга мамлакат кураш федерацияси раислигига қайта сайланди.
Шарҳлар