Нидерландияда Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган 101 нафар ўзбекистонлик аскарлар ёд этилди

Фото: yuz.uz

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси дипломатлари Нидерландиянинг Лёйсден шаҳридаги «Растхоф» қабристони ҳудудида жойлашган «Совет шон-шараф майдони» хотира хиёбонида бўлиб ўтган анъанавий маросимда иштирок этди.

«Унда Нидерландиянинг «Совет шон-шараф майдони» жамғармаси кўнгиллилари, шу жумладан, маҳаллий олий ўқув юртлари талабалари ҳамда мактаб ўқувчилари, Нидерландияда истиқомат қилаётган ватандошлар қатнашди», – дейилади хабарда.

Тадбир давомида Иккинчи жаҳон урушида Нидерландияда қурбон бўлиб, мазкур хотира майдонида дафн этилган 865 нафар совет аскарлари, шу жумладан, ўзбекистонлик 101 нафар аскарнинг қабрларига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Шу билан бирга, Иккинчи жаҳон уруши, унинг ҳалокатли оқибатлари, Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган Буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси, шунингдек, халқимизнинг шаъни ва қадр қимматини ҳимоя қилишда синмас ирода ва жасорат кўрсатган аждодларнинг муқаддас хотирасини абадийлаштириш бўйича давлат раҳбари бошчилигида мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида сўз юритилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.