Нимага эркаклар ва аёллар турлича бош мия касалликларига чалинади
Нейробиологлар ва хулқ-атвор бўйича мутахассислар гуруҳи қарор қабул қилиш, хотира ва ҳиссиётлар билан боғлиқ соҳаларда эркак ва аёлларнинг мияси ўртасидаги фарқларни аниқладилар.
Тадқиқот давомида олимлар жамоаси нима учун эркаклар ва аёллар турли хил бош мия касалликларига кўпроқ мойиллигини яхшироқ тушуниш учун 1000 дан ортиқ мия тасвирларини солиштирдилар.
Аввалги тадқиқотлар шуни кўрсатгандики, қизларга қараганда ўғил болаларга улғайиши давомида уч баравар кўпроқ аутизм ташхиси қўйилади ва уларда ДEГС (диққат етишмаслиги ва гиперфаоллик синдроми) билан касалланиш эҳтимоли икки баравар юқори. Аёларда эса ёш ўтган сари ташвишга тушиш ёки кайфият бузилиши эркакларга қараганда деярли икки баравар кўп ҳолларда учрайди.
Руҳий саломатлик бўйича мутахассисларни нима учун бундай тафовутлар борлиги йиллар давомида ўйлантириб келади ва аксарият олимлар бу жинслар ўртасидаги миядаги физиологик фарқлар билан боғлиқ деб тахмин қилишади. Тадқиқот гуруҳи бундай фарқларнинг далилларини топди.
Эркак ва аёллар миясидаги эҳтимолий фарқларни аниқлаш учун тадқиқотчилар мия ҳолати ва ундаги ўзгаришларни диққат билан ўргандилар.
Сўнг аёл ва эркаклар мияси МРТ-сканерларини таҳлил қилиб, мия микротузилмасидаги фарқларни изладилар, масалан, ҳужайралар концентрацияси, уларнинг жойлашиши ёки ҳатто жисмоний хусусиятларни ҳам назардан қочирмадилар. Олимлар ҳақиқатан ҳам икки жинс вакилларининг миясида физиологик ўзгаришлар борлигини исботладилар.
Шунингдек, олимлар миядаги бодомсимон тана ва таламусда диффузия кўрсаткичларини топдилар, айнан улар ташвиш, ДEГС, ижтимоий кўникмалардаги муаммолар ва депрессия каби руҳий бузилишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Олимларнинг таъкидлашича, диффуз МРТ тасвирларини келгусида янада чуқурроқ ўрганиш орқали эркак ва аёллардаги учрайдиган бош мия касалликларининг фарқи ҳақида кўпроқ маълумот олиш мумкин.
Шарҳлар