Низолар ҳал қилинишида келишув бўлса, давлат божи қисман қайтариб бериладими
Тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, текширувларни тартибга солишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу ҳақида Президент ахборот хизмати хабар бермоқда.
Унга кўра, 2025-йил 1-январдан бошлаб битта ҳуқуқбузарлик учун битта жавобгарлик чорасини белгилаш назарда тутилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинмоқда.
Шунингдек, рақамли маркировкалаш қоидаларини ҳамда фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш, ходимлар сонини яшириш учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.
Низолар ҳал қилинишини енгиллиштириш мақсадида 2025-йил 1-мартдан судда иш юритиш тарафлар келишуви билан тугатилганда давлат божининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби жорий этилади.
Тадбиркорлар фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати тасдиқланади. Бунда, рўйхатда йўқ масалалар бўйича тадбиркорлар фаолиятини текшириш тақиқланади. Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали хабардор этиш тартибида амалга оширилади.
2025-йил 1-январдан бошлаб, текширувлар “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими доирасида тадбиркорларни 3 та тоифага ажратган ҳолда ўтказилади.
Шарҳлар