Ноқонуний чиқиндихона ташкил этган фуқаро 3 йил-у 9 ойга қамалди
Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида Чирчиқ дарёси ўзанида туман ҳокимлиги захирасида бўлган ер майдонини 2023 йилнинг май ойидан 2024 йилнинг январ ойига қадар ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ҳеч қандай махсус рухсатномаларга эга бўлмасдан ноқонуний чиқиндихона ташкил қилган ҳуқуқбузарга суд ҳукми ўқилди.
Экология вазирлиги давлат инспекторлари томонидан Чирчиқ дарёсида навбатдаги рейд тадбирлари олиб борилган эди. Рейд давомида ўрганиш натижасида фуқаро М.Д. дарё ҳудудига чиқиндилар тўкиб, тўғон ҳосил қилгани аниқланган. Фуқаро бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, қурилиш чиқиндиларини ўзбошимчалик билан ташлаб кетаверган.
Судда М. D.ning тоифаланган ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузиб, ноқонуний чиқиндихона ташкил қилганлиги, ҳудудга чиқиндиларни маълум маблағ эвазига жойлаштириб келганлиги ўз исботини топди. Фуқаро дарёга 126.433,70 м3 чиқинди ташланганлиги оқибатида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф-табиий муҳитларни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 202-сонли қарорига асосан ҳисоб-китоб натижаларига кўра, давлат манфаатларига 3 миллиард 68 миллион 206 минг 171 сўм миқдорда зарар етказган.
Шунингдек, М.Д. “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддаси ҳамда “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддасини қўпол равишда бузган.
Суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59, 61-моддаларига асосан ҳуқуқбузарни 3 йил-у 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, ундан давлат фойдасига 3 миллиард 68 миллион 206 минг 171 сўм зарар ундирилиши белгиланди.
Шарҳлар