Ноқонуний қум-шағал қазиб олиб, табиатга 230 миллард сўмдан ортиқ зарар етказилган

Foto: Ekologiya qo'mitasi

Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида навбатдаги тунги рейд тадбири ўтказилди.

Янгийўл тумани, «Пахтачи» МФЙ ҳудудида бўлиб ўтган рейд давомида давлат рақами ечиб олинган юклагич (экскаватор) ёрдамида юк ташувчи автотранспорт воситасига Чирчиқ дарёсининг оқим бўйлаб ўнг қирғоғи муҳофаза минтақаси ҳудудидан қум-шағал аралашмаси ортиб берилаётганлиги аниқланди.

Инспекторлар томонидан ҳолатга аниқлик киритилганида “М.Қ.Т.” МЧЖга тегишли автотранспорт воситалари ёрдамида қум-шағал аралашмаси қазиб олиниб, “Г.С.” МЧЖ тегишли бўлган тош майдалаш цехига олиб бориб тўкилаётганлиги маълум бўлди.

Натижада табиатга 233 миллиард 99 миллион 588 минг 672 сўм зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун Тошкент вилояти прокуратурасига ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.