Нодирбек Абдусатторов Вашье-Лаграв билан куч синашади

Фото: Anezka Kruzikova

Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган «Superbet Chess Classic Romania» турнирининг ортда қолган 3-турида Нодирбек Абдусатторов мусобақада 2 очко билан етакчилик қилаётган америкалик Фабиано Кариану билан муроса йўлини танлади.

3-турда ўтказилган Максим Вашье Лаграв – Алиризо Фирузжа, Доммаражу Гукеш – Рамешбабу Праггнанандҳа, Аниш Гири- Ян Непомняший, Уэсли Со – Богдан-Даньел Дяк учрашувларида ҳам дуранг натижа қайд этилди.

Тўртинчи тур остонасида Каруана ва ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш 2 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда.

Бугун, 29 июнь куни ўтадиган 4-турда Абдусатторов оқ доналарда франциялик Максим Вашье-Лаграв билан куч синашади.

Айтиш лозим, «Superbet Chess Classic Romania» турнири «Grand Chess Tour» туркумидаги  5 та турнирнинг биринчиси, умумий мукофот жамғармаси 1,5 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган.

Руминияда ўтказилаётган «Superbet Chess Classic Romania» мусобақасининг мукофот жамғармаси эса 350 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Турнир ғолиби 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.

Мусобақалар 5 июлгача давом этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.