Ногиронлиги бор аёллар: тенг имкониятларни излаб
Ногирон аёллар ишга жойлашишда иш берувчилар ва ҳамкасблар томонидан эскирган стереотипларга асосланган муносабат ва камситишларга дуч келадилар. Ишлаш истаги ва имконияти бор аёлларга кўпроқ лоқайдлик билан қаралади. Бу қийинчиликлар, инклюзивлик йўлидаги қўйилган қадамларга қарамай, ижтимоий изоляцияга, иқтисодий қарамликка ва уларнинг ҳаёт сифатининг пасайишига олиб келади.
“Ishplus” лойиҳаси координатори Зилола Тошпўлатова шундай дейди: “Ишга жойлашиш барча ногиронлар учун муаммодир. Масалан, иш берувчиларнинг кўпчилиги ногиронларни ишга олишни истамайди”.
*Ishplus – турли ногиронлик турларига эга бўлган одамларга мос иш, стажировка ва малака ошириш курсларини топишда ёрдам берадиган портал.
Давлат нималар қилди
2020 йил сентябрь ойида Сенат раиси Танзила Нарбаева еттинчи ялпи мажлисда: “Ногиронларнинг жамият ҳаётига интеграциясига устувор эътибор қаратилиши керак. Улар доим ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилишлари лозим”, дея таъкидлаган эди.
2020 йил 15 октябрда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун кучга кирди, у ногиронлар учун таълим олиш ва ишга жойлашиш, уй-жой, шунингдек мослаштирилган инфратузилма, ахборот ва давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқларини мустаҳкамлайди ва кафолатини беради.
2023 йил 30 апрелда ногиронларни ишга жойлаштириш ҳуқуқини кафолатловчи янги Меҳнат кодекси кучга кирди.
Ишга жойлашиш. Гендер масаласи
Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ишга жойлашган эркаклар улуши тахминан 59% ни, аёлларники эса 41% ни ташкил этади. Бу тренд ташвишли сигнал бўлиб, умуман республика бўйича иқтисодий фаол аёллар сони ва меҳнат бозоридаги улуши камайиб бораётганидан далолат беради.
Ногирон аёллар орасида ишга жойлашганлар сони
Ўзбекистон Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2022 йилда ногирон аёллар сони ўтган йилга нисбатан 13,4% га ўсган.
Ногирон аёллар энг кўп Самарқанд вилоятида – тахминан 42 минг, Қашқадарё вилоятида деярли 38 минг ва Фарғона вилоятида 36 мингдан ортиқ аёл яшайди.
Ногирон аёллар сони ўсаётганига қарамай, умумий ишга жойлашган аёллар шу тоифасининг сони камаймоқда. 2020 йилда минг нафар ногирон аёлдан тўққиз нафари ишга жойлашган бўлса, 2021 йилда саккиз нафари ишга тушган.
Зилола Тошпулатованинг фикрича, ногирон аёллар орасида иш билан бандлик даражаси пастлигининг асосий сабаби иш берувчиларнинг улар ҳақида нотўғри тасаввур мавжудлиги, яъни уларни меҳнатга лаёқатсиз ва самарасиз деб ҳисоблашидир. Ташкилотларда улар учун муносиб иш ва мослаштирилган иш муҳити имкониятлари етарли эмас.
Ҳозирда ногиронлиги сабабли ишга жойлашишдан бўлган рад жавоблари сони ҳақида маълумотлар йўқ, чунки буни ҳеч ким қайд этмайди. Аммо сўнгги маълумотларга кўра, 2022 йилда бор-йўғи 2700 нафар ногирон иш билан таъминланган.
Ногирон аёллар қайси соҳаларда ишлайди
“Кўплаб кўзи ожиз аёллар таълим соҳасида, колл-марказ оператори сифатида ишлайди. Ишлаб чиқариш корхоналарида эшитиш нуқсони бор аёллар кўп учрайди. Ишга қабул қилинган, айниқса эшитиш қобилиятида нуқсони бор ходимларга нисбатан бошлиқлар томонидан камситиш ҳолатлари мавжуд. Ногирон аёллар иш бошлаганидан сўнг сурдотаржимон йўқлиги туфайли алоқа қилишда қийинчликлар юзага келади”, – дейди Зилола Тошпўлатова.
Сўнгги уч йилда ногирон аёллар орасида иш билан бандлар сони 2700 кишига тушиб кетди. Охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги умумий ишловчи аёллар ичида ногирон аёллар 0,1 фоизни ташкил этади.
Шарҳлар