Олмалиқда ноқонуний ов қилган шахслар қўлга тушди

Фото: видеодан нусха

Тошкент вилояти Олмалиқ туманида қуроллари билан юрган овчилар махсус рухсатномаларсиз ноқонуний ов қилиб юрганликлари аниқланган.

Ҳолат юзасидан икки нафар ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 90-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳар бирига БҲМнинг 10 баробари — 3 миллион 400 минг сўм миқдорида жаримага белгиланган.

Ов қилиш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш, фуқароларга БҲМнинг 10–15 баравари (3 миллион 400 минг – 5 миллион 100 минг сўм), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 15–20 баравари (5 миллион 100 минг – 6 миллион 800 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

«Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, шу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёлари мусодара қилиниб, фуқароларга БҲМнинг 15–20 баравари (5 миллион 100 минг – 6 миллион 800 минг сўм), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 20–30 баравари (6 миллион 800 минг – 10 миллион 200 минг сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади», – дейилади хабарда.

Бу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида учинчи марта содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 20–25 баравари ((6 миллион 800 минг – 8 миллион 500 минг сўм), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 30–40 баравари (10 миллион 200 минг – 13 миллион 600 минг сўм) миқдорида жарима солишга ёхуд уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.