,

Норвегиялик қотил яна қамоқхона шароитларидан норози

Фото: Stoyan Nenov/ Reuters

Норвегия тарихидаги энг йирик терактни содир этган 44 ёшли норвегиялик Андерс Брейвик қамоқхона шароитларидан шикоят қилиб, шартли равишда озодликка чиқаришларни сўрамоқда.

Бу ҳақда унинг адвокати Ойстейн Сторрвик Reuters агентлигига маълум қилди, деб ёзади “Европейская правда” нашри.

Сторрвикнинг изоҳ беришича, Брейвик судга ариза беришга қарор қилган, чунки у 11 йилдан бери «қаттиқ изоляцияда яшамоқда» ва фақат қамоқхона қўриқчилари билан мулоқот қила олади.

«Ўтган йили у янги қамоқхонага кўчирилганди, биз у ерда яхшироқ шароитлар яратилишига ва у бошқа одамлар билан учрашишига умид қилган эдик», – дея қўшимча қилади адвокат.

У Осло округ суди Брейвикнинг даъвосини 2024 йил баҳорида кўриб чиқишини кутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда Андерс Брейвик Ослода бош вазир кабинети ёнида бомба ўрнатилган машинани портлатиб, саккиз кишини ўлдирган, сўнгра Утоя оролига бориб, Лейбористлар партиясининг ёшлар лагерида 69 кишини отиб ташлаган.

2012 йилда Брейвик террорчиликда айбдор деб топилди ва Норвегиядаги энг катта муддат – 21 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди, бу муддатни номаълум муддатга узайтириш мумкин. Бироқ, у жазо муддатининг дастлабки 10 йилидан кейин шартли равишда озодликка чиқиш ҳуқуқига эга.

Брейвик ҳар сафар рад жавобидан бир йил ўтиб озодликка чиқиш учун яна ариза бериш ҳуқуқига эга. Охирги марта Норвегия суди 2022 йил февралида террорчининг муддатидан олдин озод қилиш ҳақидаги илтимосномасини рад этганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.