Нукус халқаро аэропорти Рақобат қўмитаси эълон қилган хабарга муносабат билдирди
Нукус халқаро аэропортига нисбатан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан иш қўзғатилганлиги ҳақида хабар берган эдик. Аэропорт ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
Жорий йилнинг июл ойида Нукус халқаро аэропорти аэропорт биноси фасадида «Uzbekistan Airports» логотипи туширилган “NOKIS XALIQARALIQ AEROPORTI” ва “NUKUS INTERNATIONAL AIRPORT” светодиодли ёзувларни ишлаб чиқиш бўйича энг яхши таклиф учун танлов ўтказди. Танловда еттита компания иштирок этган ва барча меъзонлар бўйича баҳолаш натижаларига кўра 2024 йил 16 июль куни “Уснатдин Замира Ок” компанияси ғолиб, “Қажимухан Сейилхан” МЧЖ эса захира ғолиби деб топилган.
Хабарга кўра, ғолиб эълон қилингандан сўнг танловда иштирок этган “Бес Қала Строй” компанияси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Нукус халқаро аэропорти томонидан ноҳақ танлов ўтказилгани ҳақида ариза билан мурожаат қилган. Ўз навбатида, бошқа иштирокчилардан фарқли ўлароқ, бундай ЛEД ёзувларни ишлаб чиқаришда умуман тажрибага эга эмас ушбу компания баҳолаш давомида етарли миқдордаги балларни тўплай олмаган.
Ушбу ҳолат тафсилотларини аниқлаш жараёнида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси энг яхши таклифларни аниқлаш давомида иштирокчиларни баҳолаш тизими бўйича ўз кўрсатмаларини берган. Шуни таъкидлаш керакки, қўмита томонидан Нукус аэропортига нисбатан (маъмурий, иқтисодий, жиноий) ҳеч қандай суд иши қўзғатилмаган. Қўмитанинг барча тавсиялари аэропорт томонидан ижро учун қабул қилинган.
Шарҳлар