Нукусдаги оилавий поликлиникаларда “Аллергия ва астма” мактаблари ташкил этилмоқда
Оролбўйи минтақасида аллергик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича янги лойиҳа ижросига киришилган. Унинг доирасида “Аллергия ва астма” мактабларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Бу ҳақда Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, лойиҳа раҳбари Илмира Разикова ССВ матбуот хизматига маълумот берган.
— Президентимиз топшириғига биноан, пилот лойиҳа сифатида Нукус шаҳри кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва ҳудуддаги 10 та бирламчи тиббиёт муассасаси қошида ташкил этилаётган “Аллергия ва астма” мактаблари аҳоли ўртасида бу турдаги хасталикларни эрта босқичда аниқлаш имконини беради, — дейди мутахассис.
— Бунинг учун марказимиз мутахассислари томонидан ушбу мактабларда фаолият юритувчи оилавий шифокорлар 36 соатлик ўқув дастурларига мувофиқ қайта тайёрланди. Энди улар зарур маълумотлар базаси ҳамда керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланяпти.
Бундан буён хасталикнинг оғир шакл ва босқичларида аниқ ташхис қўйиш учун ана шу шифокорларга онлайн маслаҳатлар бериб борамиз, – дейилади хабарда.
Марказимизнинг минтақавий филиали эса мактаб фаолиятини мунтазам ўрганиб ва назорат қилиб боради. Лозим бўлса, режа асосида ҳар бир поликлиникада тиббий кўриклар ташкил қилади.
“Аллергия ва астма” мактаблари қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
нафас йўллари аллергик касалликлари билан оғриган беморларни махсус сўровномалар орқали аниқлаб, уларда махсус тери синамалари ва текширувларни ўтказади;
олинган натижаларни таҳлил қилиб, ўз ҳудуди кесимида атопик касалликлар статистикасини ишлаб чиқади;
оилавий поликлиника тиббиёт ходимлари учун ўз йўналиши бўйича маҳорат дарслари ташкил қилади;
сўровномалар, бирламчи кўрик ва аллергологик текширувлар натижалари асосида аҳоли ўртасида атопик касалликларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини олиб боради.
Шарҳлар