Нуршод Худойбердиев ҳокимликдан олиниб, бошлиқликка тайинланди
Худойбердиев Нуршод Нурмаматович Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар беради.
Қайд қилинишича, тайинлов Республика қишлоқ хўжалиги вазирининг тегишли буйруғи билан амалга оширилган.
Нуршод Худойбердиев 1983-йилда Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, 2004-йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида Наманган вилояти «Сувназорат» инспекциясида турли лавозимларда ишлаган. 2015-2016-йилларда Мингбулоқ тумани, Зардарё ирригация тизими бошқармаси бошлиғи бўлган. 2016-2017-йилларда «Норин-Сирдарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2017-2019-йилларда «Норин-Сирдарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган.
Нуршод Худойбердиев 2019-йилдан 2024-йил август ойига қадар Наманган вилояти Мингбулоқ тумани ҳокими лавозимида ишлаган.
2024-йил 17-июл куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича ўтказилган видеоселекторда бир неча туманлар раҳбарлари қаторида фаолиятида тизими камчиликларга йўл қўйганлиги сабаб Нуршод Худойбердиев ҳам лавозимидан озод этилган эди.
Шарҳлар