NYT: демократларнинг ҳомийлари Байден президентлик пойгасидан чиқиб кетмагунича 90 млн долларни музлатиб қўйди
АҚШ Демократик партиясининг бир қанча йирик донорлари, партия АҚШ президенти Жо Байден ўрнига президентликка номзод бўлиш учун бошқа номзод билан алмаштирилгунига қадар 90 миллион доллар миқдоридаги хайрияни тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда The New York Times манбаларига таяниб хабар беради.
Унинг маълумотларига кўра, ҳомийлар гуруҳи кутиш ва кўриш позициясини эгаллаган ва президентлик сайловларида демократ номзод аниқ ким бўлиши маълум бўлмаганича ҳеч қандай қарор қабул қилмоқчи эмас. The New York Times нашрининг таъкидлашича, «бу Байденнинг баҳсдаги заиф фаолияти оқибатларининг яққол мисолларидан бири».
Нашр таъкидлаганидек, бу ҳолат июль ойида Байденнинг сайловолди кампанияси учун маблағ йиғиш билан боғлиқ вазиятни янада ёмонлаштиради, чунки кўплаб йирик донорлар Америка маъмуриятининг амалдаги раҳбарининг ноябрдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонишига шубҳа билдиришмоқда.
27 июнь куни Жоржия штатининг Атланта шаҳрида Байден ва унинг рақиби республикачи Дональд Трамп ўртасида теледебат бўлиб ўтди. CNN томонидан ўтказилган тезкор сўров натижаларига кўра, баҳсни томоша қилган томошабинларнинг учдан икки қисми ғалабани Трампга берган. The Wall Street Journal нашрининг хабар беришича, уларнинг фикрига кўра, Байденнинг теледебатдаги ёмон чиқиши сабабли Конгрессдаги демократлар орасида ваҳима бошланган. Айрим партия вакиллари очиқчасига президентни сайловолди пойгасидан воз кечишга ва бу имкониятни ёшроқ сиёсатчига топширишга чақирган.
Шарҳлар