Таниқли бизнесмен Салим Абувалиев қўлга олингани тўғрисида хабар тарқалди
Ижтимоий тармоқ ва турли ОАВларда таниқли тадбиркор, Ўзбекистон Олимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси президенти, спорт устаси Салим Абдувалиевни қўлга олганлиги хақида хабарлар тарқала бошлади.
Унда айтилишича, “Ҳуқуқ тартибот органларининг махсус кучлари 1 декабрь куни тунда, халқ орасида “Салимбой”, “Салимбойвачча” дея танилган Салим Абдувалиев қўлга олинган”, – дейилади.
Anhor.uz мазкур холат юзасидан ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсов билан боғланди.
Ғиёсовга кўра “Тошкент шаҳар ИИББ ўтказилаётган долзарб тадбирлар бўйича дастлабки тушинтиришлар берганини” маълум қилиб, “Агар янгилик бўлса, имкон қадар тезроқ хабар берамиз. Барчангизга тушунганингиз учун раҳмат”, – дея ўз сўзини якунлаган.
Шунингдек, Салим Абдувалиевнинг қўлга олинган дея тарқалган хабарлар ортидан Инстаграм ижтимоий тармоғида 40 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган Салимбой Абдувалиев сахифасидаги кузатувчилар ва жойлаштирилган постлари яширилган ёки ўчириб ташланган бўлиши мумкин.
Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати эса “Пойтахт ҳудудида жиноятларни олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганлигини”, – маълум қилган.
Шунингдек фуқаролардан “Хавфсизлик қоидаларига риоя этишларини ва хавотирга берилмасликлари сўралган. Барча ҳаракатлар шаҳримизнинг тинчлик ва осойишталигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда”, – дейилади ИИББ хабарида.
Салим Абдувалиев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра “Дўстлик” ордени ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” унвонлари билан тақдирланган. Шунингдек у, 2022 йилда Людвиг Нобель мукофотига ҳам сазовор бўлганди.
Шарҳлар