ОАВ: «Салимбой»га нисбатан терговга қадар текширув ўтказилмоқда

Фото: uznews.uz

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари «Салимбой» ва «Салимбойвачча» лақаблари билан танилган 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиевга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказмоқда. Бу ҳақда Kun.uz нашри ўз манбасига таянган ҳолда хабар беради.

Салим Абдувалиев 2017 йил январидан буён Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва мамлакат спорт курашлари ассоциацияси раиси ҳисобланади.

Uznews.uz нашрининг маълумотларига кўра, Салим Абдувалиев 1 декабрь куни кечқурун ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус кучлари томонидан қўлга олинган.

Айни пайтда унинг Instagram тармоғидаги саҳифаси (135 минг обуначи) ўчириб ташланган.

Аввалроқ Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг биринчи вице-президенти Ғофур Раҳимов ҳам қидирувда экани хабар қилинганди. Kun.uz манбаси бу маълумотни тасдиқламади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси аввалроқ Тошкент шаҳрида “кўча тўдалари” ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказаётгани ҳақида хабар берган эди. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар бош бошқармаси.

Куни кеча Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан “Саидазиз медгородок” лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиев қўлга олинди. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар одамларнинг пул эвазига қарздорликни «ундириб» берган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари “Бахти Ташкентский” лақаби билан машҳур Бахтиёр Қудратуллаевни ҳам пойтахтда қўлга олди. Ўта йирик миқдорда товламачиликда гумон қилинган яна икки шахс ҳам ушланди. Уларнинг барчаси 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.