ОАВни рўйхатдан ўтказиш 15 кундан 10 кунга қисқариши мумкин

Фото: ЦРСЖ

13-декабрь куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди ва унда навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритилиши режалаштирилган қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенатнинг матбуот хизмати хабар беряпти.

Мажлисда Қўмита аъзолари, маҳаллий Кенгаш котибияти, доимий комиссиялар, тегишли давлат органлари ва ташкилотлар масъуллари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этган. Дастлаб Қўмита аъзолари “2024-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқишган.

«Шу билан бирга Қонунга мувофиқ алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида қабул қилинган дастурлар асосида “ИТ” хизматлари экспортини 500 млн АҚШ долларига ва “ИТ-парк” резидентлари сонини 2 000 тага етказиш кўзда тутилмоқда», – дейилади хабарда.

Шундан сўнг “Давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

«Ушбу Қонун билан тадбиркорлик субъектларига қатор енгилликлар яратилмоқда. Жумладан, хусусий бандлик агентликларининг реестрига кириш учун юридик шахслар бугунги кунда ариза билан бирга лицензияни ҳам тақдим қилиб келмоқда. Эндиликда Қонун билан реестрга кириш тўғрисида фақат ариза тақдим қилишнинг ўзи кифоя бўлади. Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш муддати 15 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда. Адвокатга гувоҳнома бериш муддатини 3 кундан 2 кунга камайтириш назарда тутилмоқда«, – дейилади хабарда.

Шунингдек, Қўмита мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига республика ҳудудида Интернет ва алоқа қамровини кенгайтириш учун шароитларни яхшилашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилган.

«Маълумки, дунё бўйлаб йўлдош алоқа тармоқларининг жадал суръатлар билан ривожланиб бориши, мазкур соҳада янги технологияларнинг жорий этилиши ҳудудларни Интернет ҳамда алоқа қамрови билан таъминлаш бўйича янги технологик имкониятларни яратмоқда. Мазкур Қонун билан республикада глобал кўчма йўлдош алоқа тармоқлари хизматлари дастурларидан қонуний асосда хавфсизлик талабларини бажарган ҳолда фойдаланиш имкониятлари яратилмоқда», – дейилади.

Муҳокамалардан сўнг ҳар бир қонун бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.