Тошкентда иссиқлик ва иссиқ сув тарифлари ошиши сабаблари очиқланди
Veolia Energy Tashkent МЧЖ ХК иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун тарифлар ошиши сабабларига ойдинлик киритди. 12 сентябрда Халқ депутатларининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан аҳоли ва юридик шахслар (бюджет ташкилотлари бундан мустасно) учун тарифларни 15%га ошириш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.
Қайд этилишича, тарифларнинг ошишига иссиқлик ва иссиқ сув ишлаб чиқариш учун зарур бўлган энергия ресурслари – газ ва электр энергияси нархларининг ошиши таъсир кўрсатган.
2023 йилда корхоналар учун электр энергияси тарифлари бир неча баробарга ошди. Ушбу қўшимча ҳаражатларни қоплаш учун 2023 йил 2 декабрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар учун тарифлар оширилди.
Аммо шунга қарамай, 2023/2024 йилги иситиш мавсуми тугагунга қадар аҳоли учун тариф ўзгаришсиз қолди. 2024 йил 2 апрелдан бошлаб тариф 15%га ошди, шунда ҳам бу энергия ресурслари нархининг ўсиш суръатидан сезиларли даражада паст. Бу 2019 йилдан буён аҳоли тарифининг илк ошиши эди. Кўриб турганингиздек, биз нархларнинг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида тарифлар ўсишини аста-секин ва бир маромда амалга оширишга интилмоқдамиз, дейилади хабарда.
Субсидиялар ҳақида
Амалдаги аҳоли тарифи, базавий тарифнинг 16%ни қоплайди. Кутилаётган 15% ўсишдан кейин эса 18%ни қоплай бошлайди. Қолган қисми доимгидек давлат субсидиялари билан қопланади.
Янги тарифлар қачон кучга киради?
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори — янги тарифни тасдиқлаш ва қўллаш бўйича оралиқ босқич ҳисобланади. Кейинги қадамлар:
- Кенгашнинг қарори кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар ҳокимига юборилади.
- Ҳоким қарорининг лойиҳаситанишиш ва жамоатчилик муҳокамаси учун www.regulation.gov.uz порталида эълон қилинади. Муҳокама муддати — 15 кун.
- Якуний қарорни Тошкент шаҳар ҳокими имзолайди. Тарифлар мазкур қарор эълон қилинган кундан бошлаб 15 кун ўтгач кучга киради.
Тарифларнинг кучга кириш санаси Veolia Energy Tashkent компаниясининг расмий ресурсларида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
“Биз тарифларнинг оширилиши катта юклама эканлигини тушунамиз. Аммо Veolia Energy Tashkent компанияси ҳамма каби таннархимизни ташкил этувчи энергия нархига боғлиқлигини инобатга олишингизни сўрайди. Тарифларни ошириш мажбурий қадамлардан бири. Биз иқтисодий воқелик ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолиш учун имконимиз доирасидаги барча чораларни амалга оширмоқдамиз”, дейилади хабарда.
Шарҳлар