Одамлар ОАВда реклама қилинаётган дорилардан нажот кутяпти — депутат

Фото: uzpharmagency.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидагиЎзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси янги қонун ташаббусини илгари суришга тайёргарлик кўрмоқда. Яқинда бўлиб ўтган ишчи гуруҳ йиғилишида депутатлар, партия фаоллари ва соҳа мутахассислари дори воситалари рекламаси, шифокорларнинг касбий масъулияти, дорихоналар фаолияти билан боғлиқ муҳим йўналишларда янги қонун ташаббусини илгари суриш масаласини атрофлича муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар беряпти.

«Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласига алоҳида ўрин берилган. Партия фракцияси соҳага доир қонунлар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни изчил ўрганиб бормоқда, сайловчилар билан учрашувларда ҳам қатор мурожаатлар тушмоқда», – дейилади хабарда.

Мисол учун, оддийгина шамоллаш ёки гриппга 10 га яқин дори ёзиб берилади. Бу тиббий жиҳатдан қанчалар тўғри? Биламизки, бир инсоннинг организми бир вақтнинг ўзида шунча препаратни қабул қила олмайди. Уларнинг қайсидир бири акс таъсир қилиши, бошқа бирор органни зарарлаши ҳам мумкин.

«Яна бир томони, ёзиб берилаётган айрим дориларнинг нархи жуда қиммат. Айтайлик, шифокор сизга 10 тадан кам бўлмаган миқдорда дори рўйхатини беради. Табиийки, шифохона атрофидаги дорихоналарга кирасиз ва қиммат нархдаги маҳслуотларни сотиб олишга мажбур бўласиз. Афсуски, ҳар доим ҳам уларнинг самараси кутилгандек бўлмайди. Депутатлар бундай ҳолатларни касбга хиёнат ва аҳолининг чўнтагига каттагина иқтисодий зарар»,-  деб баҳолашган.

Инсонларга ОАВда реклама қилинаётган дорилар нажот беряптими?

Иккинчи томони, шифокорларнинг қиммат дорилар ёзишидан қочган бемор келаси сафар ўз билганича даволанишга уринади. Табиийки, бунда ОАВда реклама қилинаётган дорилардан нажот кутади. Уларнинг тезда таъсир қилувчи восита эканига ишониб, маҳсулотни сотиб олади. Айрим пайтларда билиб-билмай, нотўғри қўлланилган дорилар инсон ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

«Фракция аъзолари айнан шунинг учун ҳам халқаро талабларга мос равишда дорилар савдоси ва рекламаси билан боғлиқ меъёрларни ўзгартиришни зарур, деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида дори воситаларининг муомаласини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда», – дейилади хабарда.

Қуйи палата депутати Қизилгул Қосимованинг фикрича, «Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари илгари сураётган мазкур қонунчилик ташаббуси аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиши билан аҳамиятлидир. Зеро, дори воситалари инсоннинг дардига шифо бўлиши керак. Уларнинг соғлиққа хавф, ғирром даромад манбаига айланиб қолишига зинҳор йўл қўйиб бўлмайди».

Аҳолини сифатли, самарали ва хавфсиз дори-дармон билан таъминлаш соғлиқни сақлаш тизимининг энг муҳим вазифаларидан саналади. Бу борада юртимизда кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Лекин дори воситаларининг рекламаси, уларнинг савдоси ва қўлланилиши борасида қонунчилигимизда айрим бўшлиқлар кўзга ташланмоқда. Ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, дори воситалари рекламаси турли кўринишларда авж олаётгани, баъзи шифокорлар томонидан беморларга асосан қиммат дори воситалари тавсия қилинаётгани, дори воситалари нархлари сунъий ошиб кетаётгани бор гап.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.