Саудия Арабистонига йўл олган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди
Сўнгги кунларда Саудия Арабистонининг айрим ҳудудларида, жумладан, Макка ва Мадина шаҳарларида кучли ёмғир ва шамол кузатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Хусусан, 28—29 август кунлари Мадина шаҳрида кучли шамол эсиб, шиддатли ёмғир ёғгани сабаб сув тошқинлари кузатилди. Шаҳардаги бир қатор йирик кўча ва йўлларга, автомобилларга жиддий зарар етди. Айрим турар жой бинолари сув остида қолди.
Айни пайтда Саудия Арабистони Миллий метеорология маркази ва фуқаро муҳофазаси бош бошқармаси Мадина шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда кучли ёғингарчилик туфайли огоҳлантириш даражаси қизил ранггача кўтарилганини эълон қилди. Бундай об-ҳаво сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигига қадар давом этиши мумкинлиги маълум қилинган.
Фуқаро муҳофазаси бош бошқармаси фуқаролар ва хорижлик меҳмонларни момақалдироқ ва кучли шамол вақтида эҳтиёт бўлишга чақирди.
Довул туфайли қиролликдаги мактаб, коллеж ва университетларда дарсларни онлайн тарзда ўтказишга қарор қилинди.
Шарҳлар