Қозоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистон Республикасида бўлиб турган ва транзит йўналишида ҳаракатланаётган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди.
“Қозоғистон Республикасининг турли ҳудудларида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, ватанга қайтиш вақтида ишончсиз автотранспорт воситалари ва ҳайдовчилар хизматидан фойдаланмаслик сўралади”, — дейилади хабарда.
Аниқланишича, автоҳалокатларнинг асосий қисми, носоз автомобиль ёки тажрибага эга бўлмаган ҳайдовчилар туфайли содир бўлмоқда.
Шу муносабат билан, ушбу давлатда бўлиб турган ҳамда катта трассаларда ҳаракатланаётган Ўзбекистон фуқароларидан йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, хавфсиз транспорт воситаларидан фойдаланиш, ишончли автотранспорт воситаси ва ҳайдовчилар хизматидан фойдаланиш тавсия этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўзбекистонликлар ўтирган минивен ва енгил автомобиль иштирокида юз берган ЙТҲда етти киши жабрланиб, бир киши ҳалок бўлган эди.
Шарҳлар