Ҳокимлар ва кенгашларнинг ваколатларини ажратиш таклиф қилинди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституцияга ўзгаришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни шакллантириш бўйича комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратиш вақти келганини билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар беради.
«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим масала – бу жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратишдир», — дейди давлат раҳбари.
«Барчангизга маълумки, бу ғояни мен аввал ҳам бир неча марта илгари сурган эдим. Амалга оширган ислоҳотларимиз натижасида маҳаллий Кенгашлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари кенгайди. Шундан келиб чиқиб, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш вақти келди, деб ҳисоблайман», — дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.
«Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади», — деди президент.
Унинг сўзларига кўра, шунингдек бу ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
«Биз халқ вакиллик органлари ваколатларини бундан буён ҳам янада кенгайтириш йўлидан борамиз», — дея таъкидлади президент.
Шарҳлар