Ҳокимлик: Тошкентдаги собиқ “Сказка” боғида демонтаж қилинган ёғоч ҳайкаллар жойига қайтарилади

Фото: podrobno.uz

Якшанба куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги «Дархон» кафеси рўпарасида жойлашган собиқ «Сказка» боғида ёғочдан ясалган ҳайкаллар демонтаж қилингани ҳақида маълумот тарқалди. Бу ҳақда «Газета» нашри ёзади.

Аҳолига яхши таниш бўлган ҳайкаллар жойидан суғуриб олинган ва келажакда ҳудудни тўсиш учун боғ атрофи бўйлаб таянчлар ўрнатилган. Аҳоли ҳайкаллар олиб ташланганидан хавотир билдира бошлади, ҳокимлик яна жамоатчиликни бу ҳақда хабардор қилмаганидан одамлар норози бўлди.

Кечқурун шаҳар ҳокимлиги “ҳудуд аҳолисининг кўплаб мурожаатлари ҳамда маҳаллий фуқаролар йиғини билан келишилганидан сўнг боғни реконструкция қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилгани” ҳақида маълум қилди.

Реконструкция ишлари доирасида қуйидагилар янгиланади: ёритиш тизими, хиёбонлар, фавворалар, скамейкалар, боғ ландшафти. Пудратчи – «MDF Farmation» МЧЖ. “Ёғочдан ясалган ҳайкаллар вақтинчалик демонтаж қилинди, ишлар ва реконструкция якунлангач, улар ўз жойига қайтарилади”, — дейилади ҳокимлик хабарида.

“Боғнинг ёши 35 йилдан ошган, у ўз фаолияти даврида эскирган ва асл қиёфасини йўқотган. Сўнгги пайтларда боғ ташландиқ ҳолатда эди, аввалги севимли дам олиш маскани ҳозир бўм-бўш”, — дейди шаҳар маъмурияти.

“Биз ҳайкалларни демонтаж қилиш жараёнида хавотирли тахминлар ва миш-мишлар пайдо бўлишига йўл қўйдик, шаҳар аҳолисини хавотирга солдик. Фаол фуқароларга миннатдорчилик билдирамиз. Дарҳақиқат, пойтахтнинг бошқа ҳудудлари қатори ушбу масканда ҳам ишлар фақат аҳолининг қулайлиги ва фаровонлигига қаратилган. Биз бу ҳолатдан тегишли хулоса чиқардик”, – дея хатосини тан олади ҳокимлик.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.